“…Бизнинг билдигимиз шугина, ҳозирча.
Янаям Ўзи билгувчироқ”
Китобнинг 96-бети,
“Қора суяклар” қиссасининг энг охирги жумласи.
Нима бўлди-ю хаёлимга турли воқеаларга асосланган қандайдир матнлар келди. Ҳозир ўшаларни ўқисам, ўзимнинг устимдан куламан, лекин бир замонлар кулганларни тушунмаган эканман… “Ҳикоя”лар билан тўлдирган дафтаримни қўлтиқлаб, она тили ва адабиёт муаллимамизнинг олдига бордим. Кўз югуртириб, “Сенда яхши иқтидор бор, буларни газетадагиларга ҳам кўрсатсанг бўлади”, деб қолди. Ва менга туманимиз газетасида ишлаётганларнинг телефон рақамларини ҳам топиб берди. Бироз қувонч, бироз хавотир пайдо бўлди, менда…
Чунки ўша пайтлар газетага кимдир нимадир чиқармоқчи бўлса, албатта ундаги мухбирларни… “рози қилиш”и керак эди (бугун “соққасини бериш” ҳам дейишади. Аммо шароити ночор, муассислари тупуриб қўйган, ойлик-маошлари уч-тўрт ойда бир бериладиган ҳар қандай ташкилотда, хусусан, матбуотда ишловчиларнинг куни “пора”га қолишида, аввало, издан чиққан тегишли тизим айбдор! Оддий “аксиома”: кимдир кимдандир “енг ичида” пул сўраяптими, демак, унинг ҳаққини ҳам “тепа”роқда кимлардир паққос тушириб келаётир ёки улғайган муҳитида порахўрлик аллақачон “анъана” тусига кириб бўлган!). Мен эса оддий оила фарзанди бўлиб, аямнинг иссиқхонадан ишлаб оладиган олти юз минг сўм ойлигига яшар эдик. Аммо аям мени қўллаб-қувватлаб, бирга газетага боришимизни айтди. Мактабда кўпчилик болалар калака қилса ҳам бир кулиб қўядиган, юзлари нурли, ёши улуғ киши машинасида газета биносига олиб борди. Кўринишидан катта, аммо ичи қоронғу, зах эди. Қаршимизга анча қариб қолган бир ходим чиқиб келди. Ёзганларимни кўриб, менинг шеър ёзишим кераклигини айтди. Аммо мен ҳеч бир шеърга уриниб кўрмагандим. У киши шеър ёзишга ўрганишим учун, “намуна” ўрнида менга ўзининг “шеър”ларини… пул эвазига “тавсия этди”. Шу тариқа матбуотга, умуман, сиёсатнинг сийқа кўчаларига, палағда, бичилган сўзлар оламига кириб борган эдим… У йўлда ҳамон кетаябман…
Газетада исм-фамилиям билан бир қанча “шеър”-у “мақола”ларим ҳам чиқди. Ҳафтада бир кун, мактаб дарсларидан рухсат сўраб, пиёда ўша зах бинога қатнардим. Тўғри, бир нималар ўргандим. Лекин орада катта муддатга, шароитим келишмай, бормай қўйдим. Шундай қилиб, ўша қария мени катта бир шаҳарга олиб кирди-ю, ўзи эса қайтиб кетганди, гўёки. Шаҳардан чиқиш ёки шаҳарда қолиш учун мен ёлғиз эдим. Бир мунча фурсат аросатда аланглаб юрдим. Ниҳоят, менга бир манзил беришди. Унда бир… кимлиги якка Худога аён, бандасига эса – “чаён” бир махлуқ истиқомат этишини айтдилар. Аввалига, хиёл иккиландим, кейинига эса, нима бўпти, мениям буржим чаён – заҳарни заҳар кесар, дедим-у, шартта кириб боришга аҳд қилдим. Шундаям… ҳадиксирадим, барибир. Жуссаси жуссамдан иккита, аммо журъати журъатимдан яримта келадиган бир дугонамни топиб, етаклашиб бордик. “Масъул котиб” ёзиғи ёпиштирилган хона эшигини нафас ютибгина таққиллатдик…
Шу-шу, мана, тўрт йилдирки, бу эшикни ҳафтасига беш кун, соат 9.00дан 18.00гача таққиллатиб кириш – тақдиримда. Бу орада озми-кўпми сувлар оқиб ўтди, албатта. Дейлик, менга ҳамроҳ ва ҳаммақсад ўлароқ бирга қатнаган ўша дугонамни оқизиб кетди, ҳаёт ўзанлари: қўғирчоқ театрида ишламоқчийди, санъат бўйича ўқиб. Оддий кунларнинг бирида ёнбошлаб ётган дадаси телевизорда булбулигўёдек бидирлаётган сухандон аёлни кўриб, унга қараган ва: “…шу-у, сенам журналист бўлсангчи-а!”, деган-қўйган. Дугонам орзиққанча, хўп бўлади, деган. Аммо мактабини тамомлашига яқин қолганда, яъни оддий кунларнинг бошқа бирида дадаси унга қараб: “…шу-у, сен журналист бўлишинг шартми-а!”, деди ва ўзидан ёши салгина катта бир йигитчага узатиб юборишди. Ўзимизча, “устоз”, атаганимиз, бизни аросатли шаҳарда илк даъфа қарши олганга тўйнинг хабари ва таклифини етказдим. Доимгидай, бормади. Ва доимгидай, нимтабассубда фикрини билдирди: “…зў-ўр халқмиз-да: қизларимизга ҳужжатда Шоҳсанам, Малика, Вазира… деб исмлар қўямиз. Аммо ҳаётда чўри қилиб етиштирамиз – истакларимиз чўриси!.. Навбатдаги қурбон… Эссиз!..”. Қанча қизларни бошлаб чиқдим, у хонага, шундан бери ҳам: амалиётчи-талаба, мактаб ўқувчиси, ижодий тўгарак аъзоси, шунчаки ҳаваскор… Фақатгина уни, ҳозир катта хонадонда катта орзуларини кўнглига кўмиб, “бекача” бўлиб юрган дугонамни қайтиб олиб келолмадим – ўша, юрак ютибгина келганимиз даргоҳга. Ҳар кўришганимизда, бормайсанми, десам, маҳзун тортади бирдан: “…қўй, Мади, юзим чидамайди!.. Ҳеч нима ёзмай-ўқимай қўйдим, ахир… Сўраб қолса… тамомман!..”. Бечора дугонам хижолатда гапираркан, у қаттиқ истиҳола қилаётган одам, олис шаҳарчадаги хонасида эмас – нақ рўпарасида истеҳзо-ла қараб тургандек, уялиб-қизариб бораверади…
Ҳа, у инсон бизга шеър эмас, аслида қўлимиздан келганини ёзишимизга ўргатди. Қандай бўлсак, шундайлигимизча қаъбул қилди. Мени-да аслимга қайтарди, худдики қандай бўлсам, шундай “ёздирди”. Ва бора-бора “муаллиф-устоз”имга айланди. Кўп хатоларимни англади, англаттирди. Аммо орамизга ҳеч бир пул ёки бошқа мақсадни аралаштирмади!..
Кўпчилик одатда ҳақиқат бор жойдан қочади. Аксинча, қаерда қарсакбозлик, “ура-ура” тадбир-томошалар бўлса, кунда-шунда улар. Бу инсон эса… умуман бир томон. Одамларнинг гап-сўзла-рига эътибор бермас, доим ўз фикрларида туради. Ҳақиқатни борича айтадиган ва ёзадиган, баъзан шундай бўлганлигидан афсус ҳам қилиб, тунларини бедор ўтказадиган… “ортиқча нусха”даги бир яратиғи у Яратганнинг!
Жуда кўп билимлар орттирган (бир қарасанг, табиатда жисмлар учта, яъниким қаттиқ, суюқ, газсимонгина эмас, балки еттита агрегат ҳолатда мавжудлигини исботлаётган, яна бир диққат қилсанг, девордаги дунёнинг сиёсий харитаси олдига турғазволиб, ҳамма жойда учровчи “мултони”ларнинг асил ватанларини кўрсатишимизни талаб қилган, боз бирда эса Омон Мухторнинг қачонлардир бир чиқиб, кейинчалик нимагадир нашрдан чиқмай кетган “Тўрт томон қибла” номли роман-тетралогия-сини оғзаки табдил қилиб, юракка ўт ёққан ва ич-ичингдан қачондир шу китобни топиб ўқиганим бўлсин, қарорини қалқитган…ни – “илми оз”, дейиш ўринлимикан), ўзининг таъбирича “вақтини мазмунли ўлдириш учун” оламжаҳон китоблар ўқиб ташлаган, турли характер, касб-кор эгалари билан беармон суҳбатлашган… Шунгами, сўзлари аниқ, фикрлари ўқдек эдики, гоҳида тикка тешиб ўтса, гоҳида яралаган жойи ойлаб сирқираб туради…
Бу инсон билан катта шаҳарда узоқ қолиб кетдик. Йўл-йўлакай эса бошқа маслакдошларни ҳам учратдик, вақт ўтиб. Барчамиз ҳозир бир йўлда, бир мақсадда кетаябмиз.
Гарчи ўзи, “Ишонинглар, мақола нималигини ҳалигача билмайман. Бор-йўғи, нимани ёзиш-чун умрни совуриш шарт эмаслигига сал-пал фаҳмим етади, холос!”, десаям бизга мақола тайёрлашни ўргатган, ҳар қандай вазиятда йўл-йўриқни тўғри кўрсатишга уринган, нафақат ишдаги, балки ҳаётий тажрибаларини ҳам бўлишган, мен, устоз, деб тан олганим бу инсоннинг яқинда, аниқроғи ўтган 2023 йилнинг охирги чорагида китоби босмадан чиқди – “Қора суяклар”. Шу номдаги қиссаси ва ўнтача эссею ҳикояларини ўзида жамлаган мазкур хотирот ва бағишловлар-нинг 212 бетлик “гулдаста”си Истанбулда, “Ҳузур” нашриётида “кўз очди”.
Китобдаги қиссани-ку аллақачон ўқигандим. Электрон вариантини муаллифнинг ўзи ташлаб берганди, аллазамонлар. Ўшанда умуман бошқа бир дунёга кириб қолгандим. Ёдимда қолганлари эса: мисоли бошқа осмон тагидаги кичик шаҳарча, у ердаги кичик уй, уй ичидаги мушуклар, уларга қаровчи “она” тимсоли… Кичик уйга келиб-кетувчи талабаларнинг эса умуман бошқача дунёси… Ҳақиқатдан ҳам атмосфера бошқача. Агар армон бўлиб қолмаса, ўша ғалати осмон тагидаги уйга бораман!..
Тун алламаҳал бўлишига қарамай, кўзларим юмилгудек бўлса ҳам, телефонда “Қора суяклар”ни ўқиган эдим. Ҳаммаси бошқача бўлди. Кутилмаган хаёллар “атрофимни қуршади”, худдики. Чунки, мен муаллифнинг бунчалик тақдирга эга эканлигини билмаган ва кутмаган эдим. Тўғри, кетма-кет тўрт йил ўқишга кира олмагани ҳақида айтганди, аммо…
Кечинмаларимга қайтаман яна, хаёлан: бизни “шаҳар”да олиб кетар экан, олдин умуман кирмаган ташкилотларимизга киришга мажбур этганди. Турли хил мавзуларда ва бошқача ёндошувларда ёзишга ундарди. Билмадим, қанчалик эплай олдик экан. Ҳали “мактаб бола” ҳолимизга дугонам иккимизни баъзан “қора бозор”га – яширинча валюта алмаштиришни суриштиришга жўнатса, баъзида қабристонга – “ковид”дан ўлган одам қабрини топиб бориб, бу офатнинг оғриғини юрак-юрагимиздан ҳис қилдиришга оид топшириқ берарди… Бир куни қайсидир банк эшиги олдида, котибаси бўлса керак, шанғиллаб ташлади бизга. Куппа-кундузи, ҳамманинг кўзи олдида… “Ҳeч нима ёзмаймиз, бўлди, биздан журналист чиқмас экан!”, дея, ўзимизча “сўнгги марта” кириб бордик, ўша яккаш деразали хонага. Қаттиқ оғринган ва юрак олдириб қўйган эдик. Ҳорғин ишлаб ўтирган устозимизга истаб-истамай айтиб бердик, бўлган гапни ва қасдимизни тўкиб солдик. Ўқишга топшириш вақтимиз ҳам яқин қолганди, бир тарафдан… Муаллифим ҳам ортиқ уринтирмади. Чуқур хўрсинди ва… бошқа топшириқ бермаслигини, имтиҳонларимиз ўтгунча бизни безовта қилмаслигини, аммо бу қасдимиздан қайтишимизни, биздан умидлари катталигини, шаҳдимиз синиб кетишига ўзининг сабабчи бўлиб қолаётганини, кўзларимиздаги адолатталаблик учқунини кўриш учун ҳам шу ердалигини, агар қайтмасак – ўзи ҳам қайтмаслигини… айтганча, кузатиб қолди.
Вақт ўтди. Ўқишга кира олмадим. Эҳ, нақадар ахмоқ бўлган эканман, энди ўйласам, шу пайтлари. Уйда ўзимни ўзим еб ўтирган кунларимда, муаллифим аямга телефон қилиб, мени яна шаҳар кўчаларида юришга чорлади.
Арзимас ёзганларим бўлди, барибир. Бундай инсоннинг аччиқ гапларини эшитган ҳар қандай кимса ё матбуот кўчасидан қайта ўтмайди ёки курашади. У билан танишиб, сабоғини олишга иштиёқманд қизчаларга ҳали-ҳануз тушунтирмоқчи бўламан, яхшиликча: “…тили шундай, феъли шундай, аяб-авайлаб ўтирмайди, ҳар қандай мулозамат-у мотивациянинг чегараси у ўтирган хона остонасида адо бўлади, икки минутда орзулар тугул ҳаётданам совуб қолишларинг ҳеч гапмас. Қўйинглар, тинчгина мендан топшириқ олиб кетаверинглар, маъқулини саралаб, опчиқаман хонасига ўзим!..”. Қайда, кўнишмайди, қурмағурлар. Оқибатда… овутиб ўтиришимга тўғри келади, аксарини. Мен эса курашиб келаябман, тобора. Баъзан чарчаблар кетаман. Бироқ… билмадим…
Хушхабар Нукусда – ўқишда маҳалим “қувиб етди”, менга. “…Китобим чиқаябди…”, деди муаллиф ҳам. Беш минг ададда чиққан эсада, менга етмай қолаётгандек, уни тезроқ олишга шошилдим. Тезда номимга буюртма бериб, бироз кўнглим тинчиди. Навоийнинг бир бурчагига, “BTS” почтаси китобимни олиб келибди. Аммо Навоийга ҳеч бир ўзим бормаганимгами, “пост”дан ўтгандан кейин қаерга бурилишни ҳам билмасдим. Айни шу кунларда бир йигитга турмушга чиқиш розилигини беришим арафасида турган эдик. Лек учрашувга вақт тополмай юргандим. Баҳона бўлди-ю, китобни олиб келишга бирга бордик. У йигит, мен қолиб, шунчалар истади-ки, китобни мендан аввал ўқиб чиқишга. Мен бўлсам, ёш бола ўйинчоғини қизғангандек, китобни қўлимдан қўймадим. Шунда у: “…наҳотки, шундай асарлар ёзадиган одам сиз билан ишласа, у инсондан кўпроқ сўраб, тажриба орттириб, сиз ҳам китоб ёзсангиз бўлмайдими?!”, деб қолди. Тўғри, менинг режаларимдан бирини айтганди у. Менга китоб чиқаришга тўсқинлик қиладиган инсон бу – ўзим эдим. Ўзлигимни ҳали-бери тушуниб, ўрганиб, таҳрир-у, ислоҳ қилмас эканман, ёзганларим ҳам, ёзажаким ҳам ўта хом бўлиб қолаверади.
Устозимга келсак, у киши ҳануз бўш вақт топдим дегунича, китоб ўқийди. Қўлига нотаниш бир китоб тушса, албатта варақлаб, кўз югуртиради. Ўқигандаки, ҳамма қатори, сипогина ўтириб эмас, қандай тусаса, шундай ўқийди китобни: дераза рахида ёнбошлаб, залдаги катта стол устида чордона қурволиб ёйинки тўртта стулни бирлаш-тириб, устига узала тушади, обдан жойлашволгач, бизга сўз қотиб қўяди, “Айбгаям, кайфгаям буюрмайсилар, қизлар, белим қотиб қолди!..”. Навбатдаги китобни ўқиб битирган кунидан байрамона кайфиятга минади. Бориб-бориб хомуш тортади: “…валақлашишга тўла одам. Битта китоб бўйича фикрлашаман десанг, қани одам, бу элда?!”.
Китобини ўқий бошладим. Шамолдек елиб кетаётган хаёлларимни бир устунга боғлаган каби сўзлар ичида “суза бошладим”: қишлоқ… оддий одамлар… чанг кўчалар… яқиндек кўринган олис ва улкан тоғлар… Бу ерларда ҳали кўп ҳикмат бор, асли. Муаллиф бувасининг қабрига борар экан, ичидан синиқ армон, виждон оғриғини туяди. Негаки, жанозасига улгурмаган. Аламлиси эса ўлимидан олдин буваси сўраса-да кела олмагани. Ҳа, бу менда ҳам бўлган, иш-ташвиш деб, бувамни кўришга бора олмаган эдим. Охирги марта борганимда, узоқ гаплашгандик. “Сени ҳам тўйингни кўрсам, армоним йўқ!”, деганди. Аммо армон бўлди. Бир куни ишхона тадбирлари билан югуриб юрганимда, аям йиғи аралаш телефон қилиб, тезроқ кел, буванг ўтибди, деди. Бувам дадам ўтганидан кейин ҳам бизга кўп ғамхўрлик қилди, уйимизга йўқлаб келарди. Кам-ку яшамади, армонда кетганини айтмаса.
“Аммо менга бозоримас, мозори қизиқроқ бу жавонибнинг. Аниқроғи, мозоридаги яккаш бир мозор” (47-бет). Болалигимда қабристондан қўрқардим. Аслида, яшаб юришдан қўрқиш керак экан.
Бобоси ва момосига меҳри бирдек бўлган муаллиф тупроқ остидаги “суяклари”га узоқ сўз қотади. Сўнг кетади, томоғига эса бир луқма ҳамон тиқиларди…
“Йўлда қолган тор ноласи” ҳикоясидаги кишидек инсонларни негадир ҳозир учратмаймиз. Муаллиф ҳам унинг аччиқ қисматини тўла-тўкис баён эта олган. Йўлда умри ўтган, сўнгги нафасини ҳам йўлда олган.
Элас-элас эслайман, аям агар туш пайти ухламасак, лўли момо ёки лўли бувага бериб юбораман, дерди. Ростдан ҳам бериб юбораётгандек пишиллаб ухлаб қолардик. Лўли момо ўзимизнинг қишлоғимиздан эди. Одамлар уйига кириб, нон сўраб юрарди. Туришидан жуда-жуда қариб қолган, бели букчайган, кўзлари кириб, юзларини “тақдир чизиқлари” бежаб турарди. Эски-туски кийимларни кийиб, бизнинг уйимизга ҳам-ҳар замонда келиб қоларди.
Лўли бува бўлса, умуман бегона ва бошқача эди. Юз-кўзи нурли, тиши бўлмаса ҳам кулгуси билан бизни кулдирар эди. Елкасига фарзандлар юкини ортиб олгандек, катта бир қоп илиб оларди. Аям бир-икки марта, кўз тегмасин деб, ўша лўли буванинг нонидан олиб, бизга едирган экан.
Баъзи ота-оналар қаригани сари фарзандларининг бағри тугул уйига ҳам сиғмай қолиб, ўз кунини ўзи кўраркан. Бундай инсонлар йўлларда, бегона юртларда, бегона тупроққа сингиб кетаркан.
“Гоҳ жин кўчаларга бўлиниб, кишини тентиратадиган, гоҳ жанггоҳга айланиб, ҳар ёққа маҳобат соладиган бу оламда ўтган ҳар куннинг ўзи китоб-у кино бўлгулик. Қани унга қунт, қавл?… борича ёзиш тусовида бир-бир хотирлайман ўша кунларни, қайтадан яшайман”. Ҳали ёш муаллиф ўлим жари ёқасида тургандек, ортида қолаётганларга яхши-ю ёмонни, катта-ю кичикнинг хатосини бирдек татиб, қоғоз қоралаб, англатишга ундамоқда.
“Кarvon” кампирнинг мушуклари… Мана, менинг хаёлимда, кўз ўнггимда қолган ҳикоя. Қорақамишда жойлашган уй. Қора кунларни кўрган, кўраётган тақдирлар, қора тупроққа кўмилган мушук болалари. Ҳамон қоронғуда ёлғиз қолиб, хаёли ила суҳбатлашаётган менинг устозим ҳам ўша Қорақамишдаги уйдан қўним топган. Етти йил қолиб кетган бу уйдан етмиш йилга етадиган армон, ҳасрат, умид-у ўкинч билан чиққан.
Гуля опа… Жуда чиройли аслида у. Йўқ, ҳусн борасида эмас, балки ҳусн борасида ҳам гўзалдир. У неки бўлмасин, тақдирнинг аччиқ қисмати-га дучор бўлган аёл. Фарзанд доғи, жигарининг доғи уни шу кўйга сол-гандур, балки. Суянадиган, эркалигу инжиқликларини қиладиган лоақал умр йўлдоши ҳам йўқ. Турмуш ўрто-ғи… бахтли онларининг тасвири туш-ган суратга узоқ, жуда узоқ тикилиб, шу нигоҳда умрига якун ясаган.
Фарзанди ўлимида ўзини айблаган Гуля опа бу юкни зўрға кўтариб юрарди. Заҳри ўткир “Karvon” сигаретини ҳар тутатганида, ўша мурғак қалбини ёдга соларди. Бу аёлда оналикнинг ўзгача бир тимсоли бор. Билмайман, қаердадир эшитгандим, дарди бор одамнинг уйига мушук келаверади. Аммо бу аёлнинг уйида мушуклар талайгина, юқорида айтганимдек, уларга яхши ғамхўрлик қилади. Менга бу борада ёқмаган жойи эса… она мушуклар болаласа, уларни тириклай кўмарди. Қайсидир маънода бу “чанг”ли дунёни ҳис қилишидан олдин тупроқ тагида жон беришини маъқул кўрганмикан ҳам дейман. Негаки мушук болаларини озор чекаётганини жуда кўп кўрамиз, эшитамиз. Ичимиз ачийдию, ёрдам бера олмаймиз.
“Одам қандай хароб бўлишини, сония сайин тугаб, қандай мурдага дўнишини кўрдим бунда. Тиғсиз-дорисиз-сиртмоқсиз…. ҳам ўзини ўлдириш мумкинлигини кўрдим бунда. Яшашни ортиқ истамай қўйган бандасининг яшашини Худо ҳам истамай қўйишини кўрдим бунда” (73-бет). Гуля опанинг укаси бир неча марта оила қурган. Ҳаёти ўхшамаган, фарзандлари борми-йўқми, дараги йўқ, хабарсиз эди. Бу инсон бир куни муаллифга эски муҳаббати ҳақида айтган экан. Балки бир қалб уволи урдимикан, бу инсонни… Тинимсиз ичкиликка берилган, ҳаётига эса аллақачон нуқта қўйиб, охирги нафасини кутаётган эди. Ва Худойим ҳам ортиқ бандасини қийнамай, омонатини олди-қўйди.
Уйда яшаган яна бир тақдирга тўхталаман. Жиззахлик Дурдона. Муаллиф бу қизни самимий, оқкўнгил ва яхши томонлари ила таърифлаган. Офитсиант бўлиб ишлаб юрган эса-да ор-номус, иффатини сақлаган, деб ўйлайман. Ёш эди, лек ҳали тупроққа сингиши учун. Аммо бир нарсага тўхталиш керакки, ўз жонига қасд қилишгача келибдими, демак, дарди ҳам шунга яраша бўлган. Балки уни одамларнинг чумолидек майда гаплари эзибдимикан?
“Кимнидур ўзимизча кимларданми-нималардан асрамоққа уринарканмиз-у, аксинча, нобуд қилиб қўярканмиз” (82-бет).
Яхши танирдим, ўзимдан озгина ёши катта бир қиз ҳам ўз жонига қасд қилган эди. Сабаби эса янги турмуш олдидан берилган оддий зарбалар. Қиз бола одамларнинг кўзига ҳарқанча яхши кўринишга уринмасин, барибир… барибир гапиришади. Ҳеч бўлмаганда, пардозию кийган кийимини. Ҳа-а… ўн гулидан бир гули очилмаган қизларни хотин-халажнинг гапи ўлдиради. Дурдонанинг ҳам икки марта “қайтилиш” бўлганини ўлим билан кўрди одамлар… Биз ўзбекларда шундай: “қайтган қиз”, “қайтилиш бўлган қиз”, “ажрашган қиз”, “ўтириб қолган қиз”, “ётиб қолган қиз”… Буларнинг ҳаммаси – уят. “Ундан кўра, ўлсанг бўлмасмиди?!”, дейишади… Бироқ тепки-ю, гап тагида ўлса, ишлари йўқ. Қайсига кўнасан, эй, иккиюзламачи, майдагап элгинам?!..
Муаллиф эркак киши бўлса-да, ҳар бир қаҳрамонини, айниқса аёл-қизлар-ни бор-борича ёза олган. Уларнинг ҳаёт ҳақиқати-ю, кечинмаларини кам ҳам, кўп ҳам қилмасдан, баён этишни уддалаган.
“Қора суяклар” китобининг сўнггидаги эссе ва ҳикоялар… Уларнинг ҳар бирида сиёсий ва кишини ўйга ботирадиган муҳим нуқталар бор. Аммо муаллиф аччиғу ширин гапни бирдай сингдириб юбора олган. Англаганларгина бунинг мағзини чақа олади. Мен, очиғи, уларнинг барини аввал газетада ўқиганим, айримларини эса ҳатто газетага чиқишидан ҳам бурунроқ оққа кўчирганимгами… эски қадрдонларни янги манзилда учратиб қолгандек бўлдим китобда.
Китоб учун арзимас бўлса-да фикрларимни баён эта олдим, деб ўйлайман. Ёқмаган ёки ёқтирмас жойингиз бўлса, узримни қабул қиласиз. Неки бўлмасин, яхши инсонлар билан уларнинг изидан кетар эканман, улардек эмас, улардан ҳам зиёда бўлиш истагим бор. Токи бу дунёсидан яхши ном ва яхши хотира қолдириш-чун.
Мадина ЭРКИНОВА