Карра жадвали (бўлган, бўлаётган ва бўлажак “эртак”)

Карра жадвали (бўлган, бўлаётган ва бўлажак “эртак”)

“Болангиз Муҳаммад Содиқдай бўлиши учун – унинг отаси Муҳаммад Юсуфдай бўлиши керак!”

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳматуллоҳи алайҳ)

—…прапессир пора билан қўлга тушибди, эшитдингларми, кеча опкетишибди!, — гап бошлади Ғийбатхон.

— Қайси прапессир, айланай?, — сўради Сузмасўроқ.

— Ҳа, шу кўча охиридаги эски дарвозали чолдеворда яшайдиган, уйиниям, ўзиниям томи йўқ одамда, ҳе-ҳе, — илжайди Мазахжон.

— Шундайлардан қўрқиш керак ўзи, писмиқ бўлади, — гапини улоқтирди Панаботир.

— Прапессирлиги ростми шунинг?, — минғирлади Гумонхўжа.

— Деразаларигача китобку, прапессирда, — тасдиқлаган бўлди Пистафуруш.

— Мана, билдик, нимадан «прапессир»лигини, — кулимсиради Кинояхон.

— Кечасию кундузи уйида ўтиб-қайтиб, бир нималарни ёзиб-чизадиган, китоб титкилайдиган бу одамга пул қайдан келарка-ан, десам, бу ёқда эканда гап, — бидирлади Бекорхўжа.

— Бўлди қилинглар-эй! Нима қилган бўлса, ўзи беради жавобини, сенлармас!, — қизишди Қизиққон.

— Э-э, айтганча, ўғилчангиз уникига серқатнов эди-я? Қўлтиғида ҳар сафар ҳар хил китоб, ётиблар қолармиди?.. Эссиз-эссиз, бўлажак “прапессир”имизнинг ҳоли нима кечади энди?, — Қизиққонга ишшайиб луқма ташлади Кинояхон.

— Болаларинга ўхшаб пияниста бўлгандан кўра, шунга ўхшаган прапессир бўлгани яхшироқ!, — баттар чирсиллади Қизиққон. — Орамизда айтгулик биргина одамниям бошига етишибди. Худо бор. Кўрамиз ҳали…

***

Босқинобод шаҳарчасининг “Заррабин” кўчасида шу гаплар битдай болалаётган бир пайтда яккахона зулматида рангпар бир киши ўтирарди. Ҳа, бу ўша “прапессир” эди. Ўқий-ўқий, папирос бурқситиб ўйлай-ўйлай, тонггача хонасини тутунга тўлдириб ёза-чиза, элликдан ошиб орттиргани – бир дунё китоблар ва кўкйўтал бўлди. Оила қилмади, нимагадир. Ота-онасию оға-инилари хусусида айтгулик бир гап биладиган мардум йўқ, бу чеврада. Кимдир, уларни фалокат босиб, ҳалок бўлган бари, қабилида фожиа сўқиса, яна кимдир, хорижда ҳаммаси, ораларидан оламушук ўтган, мазмунидаги ҳажвиясини уқдирмоқчи бўларди. Нафсламри, қўшниларнинг аксари яқин йилларда кўчиб келган бўлиб, бу “туб жой кишиси”нинг таржимаи ҳолидан бехабар эдилар.

Аммо бутун теварак-атрофдаги китобга, илмга кўнгил қўйган бола-бақра уни “устоз”мас, “домла”мас, бошқамас… – “Ота”, дерди, оталарининг ғашини келтириб. Қизиғи, биров атайин ўргатмаганди уларга, бундай дейишни. Ўзлари шундай атаб кетаверарди. Ўзиям уларга ўрганиб қолган, кунини уларсиз ўтказмасди. Ўргатаётганлари эвазига бирортасидан бир нима сўрамас, иш-юмушини ҳам қилдирмас, фақат ва фақат қунт, уқув, иштиёқ талаб қиларди, ҳаммасидан. Бир гал қай бири тугунчада нимадир опкелиб узатганда, бир оғиз сўради:

—…нима бу?!

Болапақир тутила-сутила “…чин кўнгилдан…”ми, “…чин юракдан…”ми, нимадир деяётганда, қулоғининг таги қарсиллади:

— Йўқол!, — шанғиллаётган қулоқлари шуни эшитди кейин. Ўша куни ҳам, эртасига ҳам… ҳеч кимга ҳеч вақо ўргатмади. Ўзида ёзиб-чизмади. Китоб-питобам ўқимади… Томорқасидан чиқмай, ишлади ҳадеб: экин-тикинига қаради, сўнг дарахтларини бутаб, бачкиларини кесди, товуқларига янги катак ясади, қўйларининг жунини қирқди… Учинчи куни дарвозаси тиққилади, секингина. Кимдир ийманибгина чақиргандай бўлди. Қўлини қоқиб чиқса, уйининг олди тўла аёл, баравар салом беришдию ин-ндамай бошларини эгиб тураверишди. Бундай қараса, барчасининг қўлида биттадан сурат: ўғли ё қизи. Тушунарли – “болалари”нинг оналари. Оталари бир келди, икки келди. Бири билан сўкишди, бирига эшик очмади ҳам. Улар бақириб-чақириб қолаверди кўчада: “…емай-ичмай қўйди умуман, ўласи қип урдимам, шу аҳвол. Бир нима бўлса, сен жавоб берасан, се-ен, у-ув, прапесси-ир!”. Энди эса мана бу манзара: одатда олашовур вағирлашиб, даҳани дам билмайдиган ҳилқатлар – аёллар, жим-м-мгина туришарди, бош эгиб.

“Прапессир” президентигаям тикка гапириши мумкин эдию, аёлларни авайларди, азалдан. Шусизам “ожиза” бўлган, ҳарчанд шаддодиям ич-ичидан ҳуркибгина турадиган бу нозик яратиққа дўқ уриб, куч ишлатишни эркакман деганининг иши ҳисобламасди. Ажабки, унинг шу ўйларига мутаносиб, аёллар ҳам уни кўришса, бас, қуюларди-қоларди. Сокин бир сасда якка сўз айтб, кириб кетди ичкарига:

— …келаверишсин!

Нимадан дарс берарди, ўзи? Бунга биров, кимёгар у, деса, бошқаси, шоир, дерди. Яна бошқаси, “эскича”ни шариллатаркан, мулла-да, деса, боз биттаси, дўхтиракан у – ўғлим уникида биқинини ушлаб, буралиб қопти, у эса “искорий” келгунича ҳар хил ўт-пўтни эзиб ичириб, оғриғини босиб турибди, етиб келган дўхтирларга, яна озроқ кечикканларингда, ўзим уни столга ётқизиб, кўричагини опташлардим, дермиш камига, дейди… Бирорта хат-ҳужжатда унинг унвони ҳақида сўз кетмаган. Профессорлик тугул профессорларнинг даврасигаям дориқмаган бу одамни ўзидан бошқа ҳамма катталар “Прапессир”, номлаганди. Кичиклар – болалар эса – “Ота”. У кулибгина қўяр, ўзини олимона тутмас, болаларни ҳам “ўглим”-“қизим”ламас, исмини айтиб, муомала қиларди, барчасига. Ўзининг исмини кимса билмасди, аниқ-тиниқ… Йўқ, участка нозири биларди. Зимдан “иш” ҳам очиб қўйганди устидан. “Иш” муқовасига иккита ҳарф ёзилганди, кўрга ҳассадай қилиб: «Ш. И.”… Ҳар кўзи тушганда, ғудраниб қўярди, ўзича: “…оз қолди, Шоҳид Исён, қармоққа илинаса-ан, барибир!”. Мансаб васвасасига йўлиққан бу нозир анчадан бери бир ўлжа ахтарарди. Тезроққина топсаю, шаппа боссаю “тепадагилар”га ёқсаю, кўтарила қолса!.. Унинг учун бу ёруғ дунёсида одамлар эмас – “гумондор шахс”лар бор эди, нуқул: кимдир нимадир сотиб олди – “…қайси пулига олди, бир гап бо-ор?”; кимдир айтарли ҳеч нима сотиб олмаяпти, узоқ вақтдан бери – “…қандай яшаяпти ҳеч нимасиз, бир гап бо-ор?”… Майда безориликлар, оилавий можаролар, қарз-парз машмашалари уни қониқтирмас, катта, ка-а-атта ўлжа тусаб, олазарак эди, куну тун. “Иш” яхшигина “семириб қолган”, сабабки, кунора қоғоз тиркаларди ичига: дейлик, уйига ортиқча китобини сотиб олиш учун борган Пистафурушга, ҳозир уйимда сен ортиқчасан фақат, деб қувиб солган – “Ҳақорат”, “Маънавий зарар”; ёки кунлик тушумини сўраган Кинояхонга, болаларинг бўшатган бутилкадан оз, деб жавоб қайтарибди – “Шахсиятга тегиш”; ва яна ёки нимага уйланмаётганига қизиққан Мазахжонга, хотинингдан сўра бориб, деган – “Туҳмат”… Участка нозири айнан унга “осилиб олган”ининг тағин битта “аҳамиятсиз” боиси шуки, маҳаллада биргина шу “Прапессир”нинг унга иши тушмаган, табиийки, биргина шундан ҳеч бало ундиролмаганди, шу чоққача.

Бу томондан, очиғи, беҳуда хомтама бўларди у. “Прапессир” пора кўчасидан ёлчитиб ўтмаган, тўғрироғи, ўта олмаганди, ҳалигача. Аммо кўз олдида силиққина пул-мул қистираётганларни кўрса, танг қотарди ҳамиша: “…қандай қилиб, ахир? Доҳиёна сўз айтишгани йўқ, аксинча, валақ-вулуқ этиб, кўндиришди. Балки бундай ишларга умуман миянинг кераги йўқдир…”. Болалигидан бундай ҳайратлар тинч қўймасди уни. Мактабда математикани энди бошлашган кезлари ўқитувчи карра жадвалини ёдлаб келишни уйга вазифа тайинлади. Ҳаммалари ҳижжалаб келиб, амал-тақал айта бошлади ҳам. Қаторда уям ярим тунгача тўтидай “карра-карра” қилар, китоб-дафтарга сўлаги оқиб ухлаб қолар, тушларидаям рақамлар “рақс тушиб” чиқар, эрталаб шоша-пиша чой-нон тўла оғзида “карра”лаб ғўлдирарди. Ниҳоят, жадвални бошдан-адоқ ёдлади. Лекин азбаройи ҳаяжондан базўр айтиб берди ва “тўрт” олди. Бироқ бундан уқадар ўкинмаганди. То томида ҳам хоналари бўлган, бала-анд уйда яшовчи синфдоши Кенжабой беш каррадан нари ўтолмай “беш” олганини кўрмагунича. Ўшанда: “…олти карра икки… олти карра икки-и-и…”, деб шифтга қараб қолган синфдошига ўқитувчиси аллақандай тагдор товушда: “…олти сих шашлик неча пул туради? Тўртта сомсачи? Битта “бўйни узун”чи?.. Шулар сенга уйга вазифа, ўтир!”, деб қолди. Эртаси танаффусда мактаб буфетининг ичкари хонасида таниш овознинг нотанишроқ чиқаётганини эшитдию, таққа тўхтади. Секи-ин бориб қарасаки, юз-кўзлари қизарган математика ўқитувчиси қориндор бир амакига – Кенжабойнинг отасига гапирарди тинимсиз: “…ўғлингиз “Во!”  бола, лекинчи. Пип… пар-рас-сатига қойилман… Биб… бўлди, математикадан чораклигиям чиқди ҳисоблайверинг, Тўра Жўраевич!”. Столда кабоб сихлари, сомса юқлари ва битта “бўйни узун” яримлаб турарди.

Кейин-кейин кўравериб, кўзи пишди, бундай “томошалар”ни. Аммо ўзи пишмади. Мактаб шундай ўтди. Битиришаётган йили буфетда тўйга татигулик еб-ичар бўлди. Узу-ун стол тўрида директормас, ўша қориндор амаки ўтирганини кўриб, ҳайрон бўлмади – синфдоши Кенжа “олтин медал” билан битиргандида, мактабни. Сўнг студент бўлишди. Қисматнинг қувлиги тутдими, иккови энди курсдош ҳам эди. Иккисиям мудраб ўтирарди, дарсларда. Фарқи: у – кечаси ишлаганидан, бойвачча – тонготар давомлагувчи маишатлардан. Сессия арафасида ўқишлари яқинидаги қай бир “столовой”да столлар лиқ тўлар, декану домлалари қадаҳларни чўқиштириб, тўрдаги валломат шарафига ичишарди, беармон. Битирар йилларида ректорнинг қийшанглаб айтганларидан кўнгли айниганди: “…шаҳарчамиз Сизнинг ташрифингиздан сўнг фавқулодда ўзгарди, Тўра Жўраевич! Ўзи бу йил ўғлингиз эмас, мен тамомлашим керакка ўхшайди, бу даргоҳни. Пенсия ёшига бориб қолдим, ҳа, энди-и, кимгадир топшириш ҳам керак-ку ўринни. Биз фақирларга-а академия ҳам бўлувради буёғига, пх-х-х…”. Синфдош ҳам курсдошининг отаси бир оғиз гапирмас, қорниям қаёққадир “йўқолган”, сочлари қум оқариб кетган, сув ҳўплаб ўтирар, ўғлини мақташган сари боши эгилиб борарди, негадир. Хожатхона қўлювгичига қусаётган кишини кўриб, аввал танимай ўнғайсиз туриб қолганда, танигач эса бешбаттар шошганида, ахийри ўзини кўрмаганга солиб, эшикка ошиққанда ҳам ортидан эшитган беҳолгина сасчалик таъсир қилмаганди: “…тўхта, Шоҳид… Илтимос!..”. Шу дамгача кимдир мана шу одамнинг сўз бойлигида “илтимос” сўзи борлигига уни уриб ҳам ишонтиролмаган бўларди. Аста ўгирилганди шунда ҳам, ишониб-ишонмай. Рангида ранг қолмаган амалдор амаки тўрттагина сўз айтганди: “…Кенжани ёлғизлатманглар! Бирга ўсгансиларку..?”. Иҳраб-сиҳраб чиқиб кетган кимсан фалончига ҳам, унинг ўғли Кенжага ҳам ҳеч туймаган ҳиссини туйганди, биринчи марта – ачинганди. Ачиниб бўлгач, кулгиси қистаганди: “…Кенжа ёлғиз қоладими, Кенжа-я! Тевараги тўла улфат, қўлтиғи қизлардан бўшамайдику? Менга ўхшаб яккамохов бўлса экан…”. Кўп ўтмай, жанозага боришди. Зиёфатларини еган казо-казоларнинг бирортасиям кўринмасди…

Валломатнинг ўғли ҳам валломат етишган экан. Энди столлар тўрида қўр тўкиб унинг ўзи ўтирар, атрофида эса отасининг аввал ошини, сўнг бошини еган ўша казоларнинг арзандалари, жиянлари… ишқилиб, аллакимларидир алжирарди, чайқалиб: “…от-та ўғилсизда, Кенжа Тўраевич! Қани, шу саховатли инсон учун битта ёндирайлик!..”. Шу тариқа ёниб-ёндириб, ахийри ўчиб қолишар, натижаси тез орада овоза бўларди: “Галстук” яна кўтарилибди! Не шомки, уни эл бирорта мансаб ё мартабасига монанд атамасди. Ҳатто исмини айтмасди. “Галстук”, дейишарди, вассалом. Ўзининг қалашиқ ётган диплому даражаларига қарамасдан, болаларидан ҳам тайинроқ мурожаат эшитмай ўтиб кетаётгани камдай, ўқишини зў-ўрға тамомлаган тенгқурининг “Прапессир” аталишига бир кулгиси қистаса, бир йиғлагудай бўғриқарди. Чинданам профессор бўлиши мумкин эди, агар ўзи кожлик қилмаганида. Илмий ишини ёқлаётганда, йиғилган издиҳом ичра ҳамкурслари ҳам бориди. Кам гапириб, кўп ёзганди. Ёзувтахтани тўлдириб ташлаганди, ўзиям. Саволларга гал келганида, биров “миқ” этмаса бўладими. Ҳакамларнинг кўзи ҳилвираб қолган бир чолга қадалди. Чол ҳам гапни антик даврдан бошлади. Қирқ дақиқаларда бугунги замонга “етиб келди”. Давлат раҳбарининг “оқилона сиёсати”ю “буюк ўзгаришлар”га кўчди. Яна қирқ минут чидашга тўғри келди. Илмий ишга келганда эса қирқ сонияга ҳам бормади. Иккита “муҳим камчилиги”ни санади: саҳифалар остида сноскалар жуда камлигини ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатининг ўта қисқалигини…

Ҳа-а, пишмаган “прапессир”-а, раҳмат, тўғрилайман, деб қўйсанг – ўлармидинг!.. Чангаллаб турган пешанасини қўйвориб айтгандики: “…ҳолбуки, шунгагина эътибор қаратган экансиз, нокамтарлик бўлса ҳам айтаман, фақат шахсий кузатувларим ва тажрибаларимга таяндим. Китоб ҳам кўрдим, албатта. Аммо бирортасидан қониқмадим. Ё илм, ё журъат етишмайди, уларда. Айниқса, сиз қидирган адабиётлар – давлат раҳбарининг китобларида бу соҳага тааллуқли ҳеч нима йўқ!”. Ҳамманинг дами ичига тушиб кетди. Ҳилвироқ чолгина чийиллади, бирдан: “…сен, нима, давлат раҳбарининг сиёсатига қаршимисан?!”. Уникиям тутди: “…сиёсат? Агар у сиз тушунган талқинда бўлса, ҳа, қаршиман!”. Зал эшиги тарақлади – кимлардир гурра қочганди, эшик-тешикдан. Ҳакамлар ҳам ана энди тилга кирганди: “…мафкураси бузуқ… бобонг тенгги одам… баҳонг нол…”.

Шу-шу илмий иш деган нарсага яқинлашмади. Илмдан нари кетмади ҳам. Тенг-тўшлар қандай йўл билан эсада, курсидан-курсига ҳадлар, ном чиқарар, кўкракларини “шақир-шуқур”га тўлдирар… ва таажжубки, одамлар уларнинг бирортасини танимас-билмас, бир унигина “Прапессир”, билишарди, холос. Шкафу тортмалари қўлёзмаларга тўлиб борарди, охирги йилларда: араб, ҳинд, кирилл, лотин, иврит, иброний, санскрит… имлоларидаги қўлёзмаларга. Участка нозири бирда шуларни ҳам опкетиб, текшириб кўрган бўлди. Мактабдаги ўқитувчиларга обборди олдин. Таассуфки, уларнинг бор билгани ўқувчиларини танаффусгача тергаб туришга етгулик дўқ-пўписаю қарғиш-сўкишдан иборат экан. Анатомия ўқитувчисигина узо-оқ синчиклаб, қисқагина дедики: “…манавилари генетик масалага ўхшайди”. Маҳалла масжидининг имомига элтди, кейин. Имом настаълиқда айрим исмларнигина ўқий олди: “…Жолинус… Қозизода… Али Қушчи…”. Чор-ночор қўлёзмаларни қайтариб берган нозир семизликда салкам ўзидай бўп қолган “иш”га яна битта қоғоз тиқиб қўйди: “…қандайдир “Қозизода”, “Жолинус”, “Али Қушчи” каби шубҳали, маҳалламизда ҳеч ким кўрмаган, танимаган шахслар билан алоқа ўрнатган – махфий шайка!”.

Нозирнинг бахтига ва “ўлжаси”нинг бахтсизлигига ўша кун ҳам келди, ниҳоят. Ирсият оламида тўнтариш бўлажак, бироқ ўзи учун шунчаки “қимир-қимир” саналган изланишлари сабаб туғруқхонага борган “Прапессир” йўлакда ўз ҳолича дард тутиб ўтирган бир жувонни кўрди. Инграниб-тингранмас, жимгина жовдирарди, фақат. “Бадарнинг бевасику! Қорнида боласи билан тул қолган эканда, бечора…”, тусмоллади “Прапессир”. Бадар деганлари йўқсилгина йигит эди. Ўзига ўхшаганлар очиб олган тош конида ишларди. Кўпинча кўчада, ярим кечаси “Прапессир”нинг деразаси рахига ўтириб, унинг ўқиётганларини, болаларга ўргатаётганларини қулоқ қоқмай тингларди. Уй эгаси: “…бўлар, Бадар, бурнингдан тортсам йиқилгудай турибсан. Борақол энди, уйингга”, деса, у: “…менам сиздай яхши-яхши нарсаларни билиб қўяй, болаларим эсини танигандан ўргатиб бошлайман, Худо хоҳласа. Энди… сизгачаям то-оза нол калла билан келмасин, дейманда, Прапессир ака», деб ҳокисор жилмаярди. Бадар бефарзанд эди. Хотинининг қорнида бола турмасди: ё чала ташлаб қўяр ё ўлик туғарди… Хеш-ақрабо нечалар ниқтади: “Қўй шунингни, бошқасига уйлан, умринг ўтиб кетябди-и…”. Қўймади шуни. Уйланмади бошқасига. Умр… барибир ўтиб кетаверади. Бадарнинг “Прапессир” деразасига танда қўйганлигига келсак, болаларнинг ғужур-ғужурини яхши кўрарди, аслида. Эшити-иб ўтирса, бўлди, ярим кўнгли тўлаётгандай туюларди. Шундай кечларнинг бирида дераза рахига Бадармас, бадхабар келиб чўкди: “…тош босиб қопти!”. Бевасига маъракада кўзи тушганди: “дод-вой” солмас, бир кунжакда рўмолининг учини тинимсиз қимтибгина турар, дадасидан дакки эшитган қизга ўхшарди…

Бепарво ўтиб-қайтаётган оқ халатлилардан бирини тўхтатиб сўради:

— Бу аёлни ким опкелди? Нега бундай ўтирибди?

— Ўзи келди, ўзи ўтирибди, — деган жавобни олди.

— Сенлар нима қилиб ўтирибсанлар, унда?, — бақириб юборганини ўзиям билмай қолди.

— Менга нима дейсиз, ака, главврач қарамаябдию…

— Хонасидами, главврачинг?

— Ҳ-ҳ-ҳа…

Шаҳд-ла бориб, кириб кетган бош врач хонасида қиёмат қўпди, гўё. Киришга юраги бетламай, лекин тарқалмай ҳам эшитаётганларнинг қулоғига бошлиқларининг: “…ким тўлайди… харажатланмиз бор… битта дориси фалон пул… кўп боласи тушган… операция қилиш керак… жарроҳднинг ўзини алоҳида, ёрдамчиларини алоҳида рози қилиш керак… ойига бир мартагина укол-дори таъминоти бўлади…”, деганларигина ёғдай қуйиларди. Охири “Прапессир”нинг босиқ овозини ҳам эшитишди: “…яхши, мен бераман, ҳаммасини. Бугуннинг ўзида топиб келаман. Ҳозироқ кетаман топиб келгани. Сиз ҳам ҳозироқ киришасиз бурчингизга, кўзимнинг олдида!”. Иккови бирга-бирга чиқиб келганини кўрганлар шундай бақа бўлишдики, Фаластин ва Исроил раҳбарларини ёнма-ён кўришганда ҳам бунчалик анграйишмасди-ёв. “Прапессир” сим қоқди, йўлакдаёқ. Жувонни палатага олиб киришаётганда, у сокин сўзларди, гўшакка: “…Ҳайрат, уйимга бориб, бор китобларни боғлам-боғлам қилиб тур, мен ярим соатларда бораман… Қанақа калит? Уйимни ҳечқачон қулфламайман-ку, билмасмидинг, номига илинган туради… Бўпти…”.

Томида ҳам хоналари бор, бала-анд уй остонасида эл оғзидаги “Прапессир” ва қоғозлардаги профессор юзма-юз турарди. “Прапессир”, одатича, муддаога ўтиб қўя қолди:

—…шунча пул фақат сенда бор, Кенжа. Насия ё қарзга демаяпман, китобларимни ол, ана…

— Китобга ўч бўлганимда, сендан фарқим қолмасди бугун, — чўрт узди қоғоздаги профессор ҳам.

— Биламан нимага ўчлигингни… Яхши, қўй-пўйларимни…

— Еганим қўй, кўрганим тўй-ку.

— Унда нима, менинг бисотимни биласан?

— Ҳа, биламан, бисотингни. Арзирли иккита нарсанг бор: бе-екорга совурилаётган илминг ва тахи бузилмай турган ғуруринг.  Илмингга ишим йўқ, шусизам ҳаётим “беш”. Лекин ғуруринг…

— Мақсадга ўт!

— Тиз чўк, менга! Ҳозирнинг ўзида, шу ерда! Кейин овозинг борича менинг илмим зўрлигини, мен ҳақиқий олимлигимни, олдимда билганларинг бир тийинга қимматлигини тан ол!..

“Прапессир” лаҳзаларга кўзини юмди. Наздида миллион йиллар муқаддам рўй берган, хотиротининг туб-тубида чўкиб ётган бир манзара қалқиб чиқди: тўй, келинни ота уйидан кузатишяпти, ўйин-кулги авжида, шарлару зарлар билан безатиғлиқ улов томон бораётган келин… гуппа тиз чўкди, кўча ўртасида. Ҳар ким ўзича тўн бича кетди: “…касал экан… нимагадир қоқилди… кўйлагини босиб олди…”. На униси, на буниси топмади. Келинчак қаддини тиклашга шошилмас, бетиним оқаётган обидийдасини ҳам артмасди. Қай бир нуқтадан кўз узмай йиғлайверди-йиғлайверди. Қараб турган томонида болалигидан ўсган хонасининг деразалари бор эди. Деразалар остида ўриндиқ вазифасида ётган тут танаси бўлиб, унда ўтирган рангпаргина йигит турдию кетди, дарахтларни паналаб. Йўлда йўтали қўзиди…

—…Хўш, чўкасанми тиз? Мана, нима кераклигини айтдим!, — қоғоздаги профессорнинг пишқириғидан кўзини очди.

— Отангни энди тушунгандайман…, — ўзи ҳам кутмаган босиқлик билан гап бошлади, элнинг “Прапессир”и. — Яна бир нарсани билдим: атом ядросидаги зарралардан ҳам майда, аммо микроскопсиз кўрса бўладиган унсурлар ҳам бор экан. Қизиғи, улар одамга ўхшаб еб-чаркан, гап сотаркан, галстук тақаркан… Қачондан бундай бўп қолдинг, Кенжа?..

— Сен карра жадвалини ёдлаб юрган пайтларингдан… Охирги марта сўраяпман: тиз чўкасанми ё йўқ?!

— Розиман…

— А?, — бир муддат талмовсираган қоғоздаги профессор, ўзини ўнглаб иржайди. — Сен ҳам тиз чўкар экансанку-у, Шоҳид Исён!, — дея ич-ичидан заҳарханда кўпчиди…

Шундай қилиб, “Прапессир” қоронғи ва кимсасиз хоначада, участка нозирининг ўзи эса шинамгина хонасида ўтирар, бирининг бошини адоқсиз ўйлар ўйса, бирининг боши дока ўровида, “илҳом билан” протокол тузарди: “…барча ашёвий далиллар, шунингдек, диктофон ва камерага яширинча туширган ёзувларимиз мавжуд. Юқорида қайд этилган туғруқхона бош врачи Олдиқул Бердиев исталган вақтда гувоҳлик беришга тайёрлигини, адолат учун беғараз ёрдамини аямаслигини билдирди ва бу холис ниятини тилхати билан ёзма равишда ҳам тасдиқлади. Яна бир муҳим жиноят – фуқаро Шоҳид Исён пора бериш билан биргаликда, ички ишлар ходимига, яъни менга, воқеа жойида фаол қаршилик кўрсатиб, қасддан тан жароҳати етказди. Тиббий экспертиза хулосаларини ҳам илова қиламан. Бунинг устига, ҳақорат ҳам қилиб, шахсиятимга тегди. Нафақат менга, балки муқаддас хизмат бурчимга нисбатан ҳам асоссиз сўзлар айтди. Жумладан, унинг “ички итлар”, деганига ҳам алоҳида эътибор қаратишингизни сўрайман!..”.

***

…Суд куни Босқинобод шаҳарчаси тарихида сира бўлмаган ҳодиса бўлди. Бутун бир кўчанинг, ҳа, “Заррабин” кўчасининг болалари сирли равишда ғойиб бўлдилар. Мактабу майдонлар, турфа ўйинхоналардан ҳам бирортаси топилмади. Фақатгина “Прапессир”нинг эски дарвозаси ташига ёпиштирилган қоғозни топишди. Унда учтагина сўз ўттиз уч тилда ёзилган эди: »…отамиз қайтса қайтамиз!”.

Ҳамма болаларига андармон маҳалда катталар оламида ҳам совуқ бир хабар тарқалдики, ҳамдардлик ўрнига “Худодан топибди!», деб қўярди, эшитганлар. Навбатдаги “оғизёғлаш” зиёфатидан кайфи тарақ қайтаётган “Галстук” катта йўлда катта машина тагига кинб кетибди. Иккала оёғи ҳам тиззасидан чўрт узилиб ётганмиш…

Шербек БОБОНОР ўғли